Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси томонидан жорий йилнинг 15 апрель куни Беларус-Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти ректори Баходиров Азизбек Абдулазизович ҳамда сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор Омонов Бахтиёр Ахтамовичларнинг “Парламентлар – барқарорлик ва ҳамжиҳатлик учун” мавзусидаги мавзусидаги маърузаси ташкил этилди.
Маърузачилар Ўзбекистон Республикасида Европа Иттифоқи ва минтақамиз етакчилари иштирокида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтганлиги, ушбу тарихий тадбир жаҳон цивилизациясининг энг қадимий марказларидан бири – Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтганлигининг ўзи рамзий маънога эга эканлиги, асрлар давомида Буюк Ипак йўлининг бу улуғвор шаҳри Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприк, маърифат, илм-фан ва савдо маркази бўлиб, нафақат халқаро алоқаларни ривожлантиришга ҳисса қўшган, балки тарихда ўчмас из қолдирганлиги, кўп асрлар давомида Буюк Ипак йўлининг асосий йўллари чорраҳасида жойлашган ушбу шонли шаҳар цивилизациялар мулоқоти ҳамда Шарқ ва Ғарб ўртасидаги дипломатия, савдо ва маданий алмашувларнинг муҳим маркази бўлганлиги, бу ҳақда кўплаб тарихий далиллар мавжудлиги, масалан, Мовароуннаҳр ҳукмдори Амир Темур бундан олти асрдан зиёд вақт олдин айнан шу заминда туриб эркин ва хавфсиз савдони таъминлаш мақсадида Европа ҳукмдорлари билан фаол мулоқотларни йўлга қўйганлиги, бизнинг Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк аллома ва мутафаккирларимиз жаҳон, жумладан, Европа илм-фани ва фалсафаси ривожига беқиёс ҳисса қўшгани, тадбирда минтақамиз ва Европа Иттифоқи етакчилари Самарқандда йиғилиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини атрофлича муҳокама қилингани Самарқанд ўзининг сиёсат ва савдо маркази сифатидаги ўрнини қайта тиклаётганидан далолат беришини таъкидлашди.
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик бугун мутлақо янги суръат касб этганлиги, иқтисодиётдан тортиб маданиятгача бўлган барча йўналишларда ҳамкорлик фаоллашганлиги, қўшма мулоқот майдонлари фаол ишлаётганлиги, замонамизнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш бўйича қўшма ёндашувлар ишлаб чиқилаётганлиги, шу маънода, бу саммит муносабатларимизда муҳим босқич бўлганлиги, Самарқанддаги учрашув натижалари ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун янги истиқболлар очишига оид маълумотлар тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
Тадбир сўнгида Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси томонидан ташкил этилган Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” асари бўйича иншолар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда таловнинг биринчи ўринини эгаллаган Термиз давлат университети талабаси Холмуротова Гулинор Азмиддин қизи, иккинчи ўринини эгаллаган Тошкент давлат юридик университети талабаси Ўктамова Севинч Ўктам қизи ҳамда учинчи ўринини эгаллаган Тошкент давлат педагогика университети талабаси Ибрагимова Нилуфар Исабой қизи жамғарма томонидан пул мукофоти ва сертификат билан тақдирланди.
Тадбирда Тошкент шаҳрида жойлашган умумий ўрта таълим мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, кутубхоначиларини, шунингдек, олий таълим муассасалари раҳбарлари, бўлим бошлиқлари, профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалар иштирок этишди.